Татаристон Республикаси билан минтақалараро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш

Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси минтақалари ўртасида савдо-иқтисодий, инвестицион, туристик ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш ва фаоллаштириш бўйича вазифаларни бажариш мақсадида, Ўзбекистон Ҳукумати Вакиллари делегацияси таркибида газни қайта ишлаш ва газкимё бўлими катта илмий ходими Умаров Х.И. Татаристон Республикасида бўлди.

Музокаралар кун тартибидаги асосий бандлар минтақалараро ҳамкорлик тўғрисида бўлиб, қисман нефткимё, савдо-иқтисодий, инвестиция, маданий-гуманитар ва илм-фан соҳасида, шунингдек туристик алмашув доирасида масалалар кўриб чиқилди.

Татаристон Республикасининг инвестицион ривожлантириш агентлиги томонидан делегация иштирокчиларига Татаристон Республикасининг инвестицион имконияти тўғрисида презентация тақдим қилинди, бундан кейин иштирокчилар ИНВЕСТ марказига, «ITpark» юқори технологиялар комплексига, тиббиёт доирасида роботлар ишлаб чиқиш ва ўқув манипуляторлари бўйича ютуқлар намойиши бўлаётган «EIDOSmedicine» инновацион тиббиёт марказига ташриф буюрдилар. Шунингдек, делегация  нефткимё соҳасида кўп турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича бир қанча диплом, сертификат ва фаҳрий ёрлиқларга эга «ХИМГРАД» технополисида бўлдилар.

«ТАИФ» ОАЖ ва «Татнефть» ИЧАЖ компанияси мутахассислари Татаристон Республикасининг нефт қазиб олиш ва нефткимё бўйича ишлаб чиқариш қуввати тўғрисида ахборот тақдим қилдилар.

Татаристон Республикаси вакиллари Қорақалпоғистон ҳудудидаги (Устюрт минтақаси) углеводород хом ашёси уюмларини геофизик қидирувини ўтказиш ва табиий газни қайта ишлаш доирасида ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдирдилар. Газни қайта ишлаш соҳасидаги минтақалараро  ҳамкорлик доирасида юқори қўшимча баҳоли полимер маҳсулотлар олинадиган ГКМ (МТО) қурилиши имконияти тўғрисида масалалар муҳокама қилинди.