“Ўзэкспомарказ”да Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ташкил этилган “INNOWEEK” – инновацион ғоялар ҳафталиги бўлиб ўтмоқда.

Инновацион ғоялар хафталиги доирасида  ўтказилган Халқаро инновацион-инвестицион форумнинг  “Иқтисодиётнинг реал сектори соҳасидаги инновациялар” мавзусидаги семинарда “O’ZLITINEFTGAZ” AJ мутахассислари ҳам фаол иштирок этдилар. Форумда иқтисодиётнинг барча тармоқлари ва ҳудудларда жорий этилган инновациялар, 2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш Стратегияси моҳиятини оммага етказиш, 2030 йилда мамлакатимизнинг глобал инновацион индекс рейтинги бўйича жаҳоннинг 50 илғор давлати қаторига кириши учун зарур шарт-шароит яратиш масалалари бўйича муҳокамалар бўлиб ўтди.

Тадбирда ишбилармонлар, инвесторлар, хорижий илмий-инновацион марказлар, инвестицион фондлар, технологик агентликлар, технопарклар ва бизнес инкубаторлар вакиллари иштирок этмоқдалар.

Бугунги кунда мамлакатимизда илм-фанни ривожлантириш, инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этишни рағбатлантириш, илмий ходимлар меҳнатини қўллаб-қувватлаш, юртимиз илмий-техник салоҳиятини янада мустаҳкамлаш масалаларига устувор аҳамият қаратилмоқда.

Тадбирдан кўзланган мақсад Ўзбекистон ва ривожланган мамлакатларда технологиялар трансфери жараёнини таъминлаш орқали ички инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ҳаётга татбиқ этишга кенг шарт-шароит яратишдан иборатдир.