Шафиев Рустам Умарович 1952 йилда Тошкент шаҳрида таваллуд топган.

1974 йилда Озарбайжондаги нефт ва кимё институти нефт-механика факультетини “Нефт ва газ конлари машиналари ва механизмлари” мутахассислиги бўйича тугатиб, ўз меҳнат фаолиятини “ЎртаОсиёЛИТИнефт”да нефтни йиғиш, тайёрлаш ва ташиш тажрибахонасида муҳандис сифатида бошлади ва тажрибахона мудири лавозимигача кўтарилди.

1992-2005 йилларда нефтни йиғиш, тайёрлаш ва ташиш тажрибахонаси мудири лавозимида ишлади.

2005-2014 йилларда  “O’ZLITINEFTGAZ” ОАЖ  Бош директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари сифатида, 2015 йилдан эса “O’ZLITINEFTGAZ” АЖ Бошқарув Раисининг илмий ишлар бўйича ўринбосари бўлиб фаолият юритиб келмоқда.

Рустам Умарович нефт реалогияси ва уни тайёрлаш соҳаси бўйича мутахассис ҳисобланади. Нефт конларининг долзарб муаммолари бўйича 20дан ортиқ илмий-тадқиқот ишларига раҳбарликни таъминлайди, булар: нефтни технологик йўқотиш меъёрларини ишлаб чиқиш ва уларни камайиши бўйича чора-тадбирлар; нефтни сувсизлантириш ва тузсизлантиришнинг энг мувофиқ тартибларини аниқлаш; юқори қовушқоқ нефтларни ҳайдашда гидравлик йўқотишни камайтириш усуллари.

110дан ортиқ нашрлар ҳамда 20дан ортиқ кашфиётлар муаллифи. 2007 йилда “Конларни ишлаб чиқишнинг турли босқичларида кондаги нефтни тайёрлашнинг методик асослари” мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди.

Шафиев Р.У. бошчилигидаги илмий йўналиш углеводородларни қазиб олиш, тайёрлаш ва қайта ишлашнинг кундаги вазифаларини бажаришга қаратилгандир, булардан қуйидагилар энг муҳим ҳисобланади: узоқ вақт давомида ишлаб чиқилаётган конларда газ ва конденсатнинг қолдиқ заҳираларини охиригача олиш; сайклинг жараённи қўллаш йўли билан нефт-газ конларидан нефт олиш коэффициентини ошириш; олиниши мураккаб бўлган углеводородларни ишлаб чиқишга жалб қилиш; табиий газ ва муқобил ёқилғилар (метанол, сланецли нефт, биогаз)дан синтетик нефт маҳсулотини олиш; газ кимёни ривожлантириш.

Шафиев Р.У. илмий-техника Кенгаши Раиси ўринбосари, ёш олим ва мутахассислар Кенгаши ва жамиятнинг илмий ишлар тўплами редакцион жамоаси раҳбари.

Тармоқдаги фаол меҳнатлари учун у бир неча бор “Ўзбекнефтгаз” МХК ва ЎзНИОНГП фаҳрий ёрлиқлари билан тақдирланган.